Дунёда касблар кўп. Уларнинг ҳар бири ўз усталари учун жуда қадрли. Бироқ, ҳар ким ҳам ўз касбининг сир-синоатларидан воқиф, соҳанинг етук мутахассиси бўла олмайди. Аёнки, соҳалар ривожида малакали мутахассис кадрларнинг ўрни жуда муҳим. Қайсики, соҳага ихтисослашган кадрларнинг хизматлари, салоҳиятлари тараққиёт, мувоффақиятлар омили саналади. Яна шундай касблар бўладики, у кишидан ўзгача фидоийлик, истеъдодни талаб этади. Бундай фидоий кишиларнинг эса, жамият ривожи, инсонларнинг маънавий камолоти йўлидаги хизматлари таҳсинга лойиқ. Санъатнинг у ёки бу тури билан шуғулланган, умри мазмунини ўз касбидан излаган туғма иқтидор соҳиблари шундай эътирофга арзийди. Театр саҳна санъати намоёндаларига ҳам шундай тариф бериш ўринли. Боиси улар ҳамиша томошабинлар билан жонли мулоқотда бўлиб, давр руҳига мос саҳна асарлари билан халқ хизматида бўлишаяпти. Бу касб эгалари миллий қадрият ва анъаналаримизни тарғиб қилиш, жамият ҳаётидаги муҳим масалаларга ўз спектакллари орқали баҳо бериш, томошабинни мушоҳадага чорловчи ва тарғиб қилувчи илғор ва таъсирчан ғояларни илгари суриб халқимизга хизмат қилишмоқда. Уларнинг маданият ва санъат ривожи, ютуқлар кўламининг кенгайишида хизматлари беқиёс. Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри ижодкорлари ҳам 84 йилдан ортиқ вақт мобайнида ана шу эзгу йўлда фидокорона фаолият юритиб келди. Бу театр саҳнасида томошабинни гоҳ кулдириб, гоҳ йиғлатган, уларнинг руҳий, маънавий оламини бойитган, мушоҳада қилишга, кўтарилган мавзуларни ақл тарозисига солиб кўришга ундаган ва провардида мақсадига эришган санъат дарғалари етишиб чиққан. Маълумки, кейинги йиллар ўзбек театр санъатида алоҳида ўрин тутиб келаётган Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрининг ўтмиш ва бугунги ютуқларида, театрнинг тамал тошини қўйган, саҳнада сермаҳсул ижод қилган, ўзларидан шогирдлар, ҳамкасбларига катта маҳорат мактабини меърос қолдирган буюк дарғаларнинг катта хизматлари бор. Бугун уларнинг издошлари саҳнага чиқар экан, ўзларининг юксак маҳоратлари билан саҳнада, томошабинлар қалбида ўчмас из қолдирган санъат усталари уларни кузатиб турган, улуғлаётгандек гўё. Албатта бу улуғ даргоҳда ишлаётган маънавият тарғиботчиларининг сермаҳсул ижодлари, ижоддаги ютуқларида устозларнинг ҳиссалари беқиёс. Улар яратган мактабнинг ҳосилидан ҳамон ҳалқимиз баҳраманд бўлмоқда. Бундай фидоий санъаткорларнинг хизматлари ҳамиша халқимиз, давлатимиз эътиборида. Бугун улар орамизда бўлишмаса-да, уларнинг санъат оламидаги буюк хизматлари тарих саҳифаларига муҳрланди. Аслида санъатни умр мазмунига айлантирган, касби орқасидан бахт топган санъаткор ҳеч қачон ўлмайди. Улар кашф этилган ва этилажак янги-янги юлдузлар, истеъдодлар, шогирдлар тимсолида ҳамиша биз билан бирга… Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрида ижод қилган улуғ санъаткорлар ҳам шундай эҳтиромга муносиб. Бу театрда ўзбек театр санъатида янги саҳифа очган ноёб қобилият эгалари хизмат қилган. Ўзбекистон халқ артистлари Хадича Бобохонова, Абдурахмон Рахматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Зоҳид Олимов, Ҳасан Муҳиддинов, Тиллахон Латипова, Сойиб Нурматов, Абдурахмон Номозов, Рахим Маматалиев, Рахим Комилжонов, Мухиддин Мажидов, Жамил Ашуров, Тожиддин Муродов, Амрулло Нарзуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мукаррам Давлатова, артистлар Низом Қобилов, Олия Алимова, Раъно Тўраева, Усмон Бердиев, Сайиджалол Муқимов, хонандалар Иноът Ғофуров, Майнахон Саримсоқова, Тоштемир Тоҳиров, созанда Қаюм Абдулхаев, дирижёр Амин Каримов, директор Тоштемир Қодировларнинг Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрининг ҳар жиҳатдан эришган ютуқларида муносиб хизматлари бор. Уларнинг Республика, вилоят театр санъати ривожи йўлидаги самарали меҳнатларини ҳамиша қадрлаймиз.
Уларнинг пок руҳлари олдида ҳамиша таъзимдамиз. Сўнмас хотиралари қалбларимизда мангу яшайди. Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг.

What's your reaction?

Leave a comment